АДВОКАТЛАР ТОМОНИДАН БЕПУЛ ЮРИДИК ЁРДАМ КЎРСАТИШНИНГ НАЗАРИЙ-ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Main Article Content

Шухрат Рузиевич Кобилов

Abstract

Мазкур илмий мақола Ўзбекистон Республикасида адвокатлар томонидан бепул юридик ёрдам кўрсатишнинг назарий-ҳуқуқий асосларини комплекс тадқиқ этишга бағишланган. Тадқиқотнинг долзарблиги мамлакатда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари шароитида аҳолининг, айниқса, унинг ижтимоий заиф қатламларининг одил судловга эришиш ҳуқуқини амалда таъминлаш зарурати билан белгиланади. Мақолада бепул юридик ёрдамнинг икки асосий шакли – давлат томонидан молиялаштириладиган тизим ва адвокатларнинг кўнгилли ташаббуси бўлган pro bono publico фаолиятининг фалсафий, ижтимоий-ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатлари очиб берилган.


Тадқиқотда тизимли, қиёсий-ҳуқуқий ва формал-догматик таҳлил усулларидан фойдаланилган. Унда бепул юридик ёрдам соҳасидаги халқаро стандартлар, хусусан, БМТнинг Жиноят адлияси тизимларида ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланишга оид Принциплари ва Йўриқномалари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Конвенциясининг тегишли қоидалари чуқур ўрганилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг миллий қонунчилиги, жумладан, янги таҳрирдаги Конституция ва "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги Қонун батафсил таҳлил қилинган.


Мақоланинг эмпирик асосини БМТ Тараққиёт дастури томонидан ўтказилган "Аҳолининг ҳуқуқий эҳтиёжларини баҳолаш" тадқиқоти натижалари ташкил этади. Ушбу тадқиқот Ўзбекистондаги "адолат тақчиллиги"нинг кўламини, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси пастлиги, юридик хизматларнинг қимматлиги каби асосий тўсиқларни ва низоларни ҳал қилишда маҳалла институтининг муҳим норасмий ўрнини кўрсатиб берди. Қиёсий таҳлил доирасида Қозоғистон, Буюк Британия ва Грузия каби хорижий давлатларнинг илғор моделлари ўрганилди.


Тадқиқот натижасида Ўзбекистонда бепул юридик ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ қонунчилик, амалий ва стратегик таклифлар ишлаб чиқилди. Булар жумласига қонун қамровини фуқаролик ишлари ҳисобига кенгайтириш, ҳуқуқий парапрофессионаллар фаолиятини тартибга солиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, маҳалла институтини расмий тизимга интеграция қилиш ва адвокатларнинг pro bono фаолиятини рағбатлантириш механизмларини жорий этиш киради.

Article Details

Section

Articles